2012йил 25 декабрь куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг “Маънавият-маърифат” хонасида “Халқ ижодиёти”таълим йўналишида малакали кадрлар тайёрлаш масалалари” (Фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги инновацион корпоратив ҳамкорликни ташкил қилиш ва йўлга қўйиш) мавзусида Республика илмий семинари ўтказилди.
Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил
4 июнь “Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-1771-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди. Ушбу қарорда янги институтнинг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида “… замонавий талабларга жавоб берадиган, бадиий ижодиётнинг илғор методлари, инновацион техника ва технологияларни пухта эгаллаган юксак малакали мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш, ....” эканлиги белгилаб берилган эди. Санъат ва маданият муассасаларининг раҳбарлари, етук мутахассислар, таниқли маданият ва санъат намоёндаларини жалб этган ҳолда фан ва ишлаб чиқариш ўртасида инновацион корпоратив ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ўтказилган навбатдаги семинар “Халқ ижодиёти ва анъанавий қўшиқчилик” ҳамда “Чолғу ижрочилиги” кафедралари томонидан ташкил этилди.
Мазкур Республика семинарида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг маданият ишлари бўйича биринчи ўринбосари Фотих Джалалов, Вазирлик Таълим муассасалари бошқармасининг етакчи мутахассиси Ботир Матёқубов, Республика халқ ижодиёти ва маданий маърифий ишлар илмий методик маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бошқармаларидан раҳбар ва мутахассислар иштирок этдилар.
Семинарда Бухоро вилояти Маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи С.Шароповнинг “Бухоро вилояти маданий-маърифий муассасаларини кадрлар билан таъминлаш ва мутахассисларнинг малакасини ошириш масалалари” мавзусидаги, шунингдек, Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий методик маркази Номоддий маданий мерос бўлими бошлиғи Қ.Тўқсоновнинг “Жойларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти битирувчиларига бўлган эҳтиёж ва кадрлар малакасига қўйилаётган замонавий талаблар ҳақида” мавзусидаги маърузалари Республикамиз маданий-маърифий муассасаларида фаолият кўрсатаётган битирувчиларнинг аҳволи ва институтни битирувчиларга ҳозирги кундаги ва келгуси 3 йилдаги эҳтиёж ва уларнинг малакасига қўйиладиган талабларга бағишланди.
Халқ ижодиёти ва анъанавий қўшиқчилик кафедраси мудири, профессор Ў.Тошматовнинг “Халқ ашула ва рақс ансамбллари, Фольклор-этнографик жамоалари ҳамда Халқ чолғулари ансамбллари раҳбарларини замонавий талаблар асосида тайёрлаш масалалари” мавзусидаги маърузасида эса институтда замонавий кадрларни тайёрлаш йўлида қилинаётган ишлар ёритилди.
Семинар иштирокчилари юқорида қайд этилган мавзуларга ўта жиддийлик билан ёндашиб, фаоллик кўрсатдилар ва натижада анжуман мунозараларга бой ва сермаҳсул бўлди. Семинар якунида билдирилган фикрларга кўра Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва институт ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатиладиган, талабалар амалиётини ташкил этишда ҳам ҳар икки томоннинг манфаатлари мослаштириладиган бўлди.
Семинар иштирокчиларига “Халқ ашула ва рақс жамоаларига раҳбарлик” бўлими талабалари ижросида концерт дастури ҳам намойиш этилди. Жойлардан таклиф этилган мутахассислар, институт профессор-ўқитувчилари ва ходимлари, талабаларга ушбу концерт дастури жуда манзур бўлди.
“Xalq ijodiyoti va an’anaviy qo`shiqchilik ” kafedrasi mudiri U.Toshmatov